Ислом Каримов Қирғизистон президенти билан учрашди
Информация |
2013-09-13, 7:12 PM
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида қатнашиш учун 12 сентябрь куни Бишкекка келди.
Шу куни Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Россия ва Тожикистон раҳбарларининг амалий учрашуви бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
ШҲТ саммитининг асосий тадбирлари 13 сентябрга мўлжалланган.
Расмий дастурга мувофиқ ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси тор доирадаги учрашув билан бошланади. Анъанага кўра, мажлис кенгайтирилган таркибда давом этади. Аъзо мамлакатлар раҳбарлари даврасига кузатувчи давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари қўшилади.
Давлатлар раҳбарлари ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш, узоқ муддатли яхши қўшничилик ва дўстлик муносабатларини ривожлантириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, ШҲТ маконида иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни фаоллаштириш юзасидан фикр алмашадилар.
Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунида Бишкек декларацияси қабул қилиниши, ШҲТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаев билан учрашди. Музокарада Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларига доир масалалар юзасидан фикр алмашилди.