Ўзбекистон терма жамоаси билан боғлиқ 10та ғалати факт
Информация | 2013-09-13, 7:03 PM

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йили Бразилияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига чиқа олмади. Футболчиларимиз Осиё қитъаси плей-офф босқичида Иордания терма жамоасига икки ўйин натижасига кўра, мағлубиятга учраб, мундиал учун курашни тўхтатишди. Бироқ, ҳозир ушбу ўйин ҳақида эмас, балки терма жамоамизнинг тўғри-тўғри йўлланмани қўлга кирита олмаганидан кейин юз берган ғалати ёки бизга шундай туюлган баъзи ҳолатларни ёдга олиб ўтамиз.
 
1. Саралаш босқичи гуруҳ учрашувлари охирига келиб кўпроқ очко ва имкон қадар яхшироқ тўплар нисбатига зор бўлган Эрон терма жамоаси ўз майдонида Ливан термасини йирик 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бунгача рақибларига жиддий қаршилик кўрсатиб келган ливанлик футболчилар шу куни гўёки мезбон қаршисида бутунлай ожиз қолгандилар. Ғалати...

2. Саралаш босқичи гуруҳ учрашувининг сўнгги тури олдидан Эрон ва Корея терма жамоалари бош мураббийлари бир-бирининг номига кескин фикрларни билдириб, атрофдагиларга ўзларини ашаддий рақибдай кўрсатишга уринишди. Бироқ ўйин арафасида Карлуш Кейруш ўтган гапларга эътибор бермасликни ва улар ҳазил эканини таъкидлаб ўтди. Ўйинда эса Эрон терма жамоаси ҳимояда ўйнаб 1:0 ҳисобида Кореяни сафарда мағлубиятга учратди. Ғалати...

3. Гуруҳнинг сўнгги учрашувида Ўзбекистон терма жамоаси Қатарни қабул қилди. Қатар Тошкентга асосий ҳужумчиларисиз ташриф буюрди. Йирик ҳисобда ғалаба қозониши керак бўлган Ўзбекистон эса ўйинда биринчи бўлиб тўп ўтказиб юборди. Бироқ, иккинчи бўлимда вазият бутунлай ўзгариб кетди. Рақиб дарвозасига йўл топа олмаётган футболчиларимиз кетма-кет 5та гол уриб ғалабани тантана қилишди. Ғалати...

4. Плей-офф ўйинлари олдидан Туркия миллий терма жамоси Тошкентга таклиф қилинди. Ушбу ўйин Иорданияга қарши тайёргарлик вазифасини ўташи лозим эди. Бироқ сўнгги паллада Туркия футбол федерацияси ўйиннинг бекор қилинганини эълон қилди. Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ахборот хизмати эса "ташаббус” Ўзбекистон футбол федерациясидан чиққанини маълум қилди. ЎФФ эса нима учун бундай йўл тутгани сабабини тушунтирмади. Ғалати...

5. Туркия билан ўйин белгиланган кунда Миржалол Қосимов терма жамоа футболчилари билан машғулот ўтказди, лекин йиғинга Иорданияга қарши майдонга тушиши керак бўлган бирорта ҳам легионер футболчи таклиф қилинмади. Терма жамоа ЎФФ ваъда қилган бошқа рақиб билан эмас, балки ўзаро иккига бўлиниб ўйин ўтказди. Ғалати...

6. Иордания билан ўйин яқинлашганда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий ўйинчиларидан айримлари сафдан чиққани хақидаги хабарлар тарқала бошлади. Даставвал Игнатий Нестеров, кейинчалик Азиз Ҳайдаровнинг майдонга тушмаслиги маълум бўлди. Александр Гейнрих эса умуман чақирилмади. Ғалати...

7. Аммандаги учрашувга бир кун қолганда етиб борган Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинда Иорданиядан устунлиги яққол кўриниб қолди. Бироқ, шу куни тўп билан деярли муомала қилолмаган мезбон футболчилари биттагина ҳужумни голга айлантиришди, вакилларимиз эса ўнлаб хавфли зарбаларнинг фақат биттасини дарвозага жойлашга муваффақ бўлишди. Ғалати...

8. Бизникилардан фарқли ўлароқ, иорданиялик футболчилар Тошкентга анча эрта ташриф буюришди. Бош мураббий Ҳуссам Ҳассан ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида "Биринчи бўлиб тўп ўтказиб юборсак ҳам, бизда гол уриш учун имконият бўлади” деб айтди. Эътиборли томони, воқеалар ривожи ўйин айнан мураббий айтгандай кўриниш олди. Ўйинда Ўзбекистон биринчи бўлиб гол урди, Иордания ҳисобни тенглаштирди. Ғалати...

9. Тошкентдаги ўйин бошида Ўзбекистон ҳисобни очишга эришди ва афтидан шу куни йирик ҳисобда ғалаба қозонадигандай эди. Лекин кейинчалик ҳужумларимиз сусая бошлади, Ўзбекистон рақибга тўп билан муомала қилиш ва ҳатто ҳужум қилишга имконият яратиб берди. Бунинг натижасида ўз дарвозасидан гол ҳам олиб чиқди. Миржалол Қосимов шу куни битта ҳужумчи билан ўйнашни маъқул кўрди ва тажрибали Бақоев ўрнига эндигина 20 ёшни қаршилаган Игорь Сергеевга ишонч билдирди. Ғалати...

10. Ўйиннинг асосий ва қўшимча бўлимларида ҳисоб ўзгармади ва навбат пеналтилар сериясига келди. 10-зарбага гал келганда, Анзур Исмоилов аввалига тўпнинг ёнига боришни истамагандек туюлди ва Копадзенинг дарбозабон Муродга юзланганига гувоҳ бўлдик. Лекин оҳир-оқибат жамоадошларининг чорлови билан пеналтини амалга оширган Анзур уни голга айлантира олмади ва Ўзбекистон шу тариқа ЖЧ-2014 учун курашни тўхтатди. Ғалати...
 
Биз юқоридаги ҳолатларни келтириб, кимгадир ниманидир исботламоқчи эмасмиз. Шунчаки миллий терма жамоамизга бўлган шу қадар кучли ҳурмат ва унинг ютуғига илҳақ бўлганимиз учун ҳам бугун кўзимизга оддий нарсалар ҳам ҒАЛАТИ туюлаётган бўлиши мумкин. Бироқ бундан энди фойда йўқ, шоир айтганидек "чидаймиз-да, бу захматлар ўткинчидир”. Шу ўринда терма жамоамиз футболчилари ва мутасаддиларга барчаси учун ташаккур изҳор этамиз.  

Бахтиёр Иноғомов

Манба: www.darakchi.uz    

Добавил: Freestyle | Контактное лицо: asdasd E | Теги: Sport xabarlari
Просмотров: 1595 | Размещено до: 2013-10-13 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]